Иқтисодий ўсишдан жамият тараққиётигача: янги сиёсий даврда Ўзбекистоннинг устувор йўналишлари

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўтган йил жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик ва мураккаб халқаро вазиятга қарамасдан, ислоҳотларни изчил давом эттириш ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий позициясини мустаҳкамлаш даври бўлди. Шу маънода, келгуси йилнинг Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани давлат сиёсатининг инсонлар ҳаёт сифати ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга янада чуқурроқ эътибор қаратишга ўтаётганидан далолат беради.
Президентимиз ўз Мурожаатномасида мамлакатимиз иқтисодиёти ишончли ўсишда давом этаётганини таъкидлади. 2025 йил муҳим ютуқлар билан якунланди - мамлакат ялпи ички маҳсулоти биринчи марта 145 миллиард доллардан ошди, экспорт 23 фоизга ўсиб, 33,4 миллиард долларни ташкил этди. Олтин-валюта захиралари ҳажми илк бор 60 миллиард доллардан ошди, 43,1 миллиард долларлик инвестициялар оқими саноат, энергетика ва инфратузилма соҳаларида ўнлаб йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди. Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “ВВ” даражасидан “ВВ” даражасига кўтарди, бу эса ташқи молиялаштириш учун янада қулай шароитлар яратади.
Эришилган макроиқтисодий натижалар ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришлар билан бирга кечгани алоҳида таъкидланди. Фаол иш билан таъминлаш сиёсати туфайли ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди, қарийб 5 миллион киши барқарор даромад манбаига эга бўлди. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, манзилли ижтимоий ёрдам тизимини ривожлантириш ва асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини оширишга катта эътибор қаратилди. Камбағаллик кўрсаткичи йил давомида 8,9 фоиздан 5,8 фоизга қисқарди, қарийб 1,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилди.
Бу кўрсаткичлар иқтисодиёт барқарорлигини ошириш ва ижтимоий ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган изчил ислоҳотлар натижаси бўлди. Иқтисодий ютуқлар давлатнинг ижтимоий вазифаларни ҳал этиш ва аҳолини қўллаб-қувватлашнинг узоқ муддатли дастурларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш имконини берди.
Мурожаатномада Ўзбекистоннинг прагматик, очиқ ва узоқ муддатли миллий манфаатларга йўналтирилган ташқи сиёсий йўлига алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз фаол ва пухта ўйланган ташқи сиёсат мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва халқаро нуфузини мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Ўтган даврда мамлакатимиз ташқи иқтисодий алоқалар географиясини сезиларли даражада кенгайтиргани, ҳам қўшни давлатлар, ҳам дунёнинг етакчи марказлари билан шерикликни мустаҳкамлагани, минтақавий ҳамкорлик ташаббусларини изчил илгари суришда давом этаётгани таъкидланди. Бундай йўл Ўзбекистоннинг халқаро жараёнларда ўзаро манфаатдорлик ва ҳурмат тамойилларига таянган ҳолда янада эътиборли ва масъулиятли ўрин эгаллашга интилишидан далолат беради.
Мурожаатномада давлат бошқарувининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишнинг асосий элементларидан бири сифатида давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш мавзусига ҳам тўхталиб ўтилди. Президент давлат харидлари механизмларини такомиллаштириш бизнес учун тенг шароитлар яратиш, рақобатни ривожлантириш ва бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишга қаратилганини таъкидлади.
Ушбу чора-тадбирлар мамлакатни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга тайёрлашнинг муҳим қисми сифатида қаралади. Шу нуқтаи назардан, давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотлар нафақат ички, балки ташқи иқтисодий аҳамиятга ҳам эга, чунки улар миллий тартиб-қоидаларни халқаро стандартлар ва қоидаларга мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Шундай қилиб, белгиланган қадамлар Ўзбекистоннинг глобал савдо-иқтисодий тизимга интегратсиялашувига тизимли ёндашувни акс эттиради.
Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш мавзуси алоҳида блок сифатида эътироф этилиб, уни янада ривожлантиришнинг асосий вазифаларидан бири сифатида қайд этилди. Президент коррупцияга қарши курашишга бир марталик кампания сифатида эмас, балки ҳалол, очиқ ва ҳисобдор бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган узоқ муддатли давлат сиёсати сифатида қаралишини таъкидлади.
“Коррупцияга йўл қўйиш - ислоҳотларимизга хиёнат. Бу иллатга қарши 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз, - деди Президент.
Давлат хизматларини рақамлаштириш, қарорлар қабул қилишда шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳозирданоқ амалий натижалар бераётгани, бироқ янада чуқурлаштиришни талаб этаётгани таъкидланди. Коррупцияга қарши кун тартибига урғу берилиши фуқаролар ва халқаро ҳамкорларнинг давлат институтларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга интилишидан далолат беради.
Мурожаатномада экология ва барқарор ривожланиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди. Президентимиз экологик кун тартиби давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланиб бораётгани, бу аҳоли турмуш сифати ва мамлакатнинг узоқ муддатли хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил” технологияларни кенгайтириш, айниқса, энг заиф ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш бўйича дастурларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
2026 йилда Самарқандда Глобал экологик жамғарманинг навбатдаги ассамблеяси ва Марказий Осиё халқаро экологик кўргазмасини ўтказиш режалари маълум қилинди. Бу тадбирлар тармоқлар, ҳудудлар ва бизнес учун ҳамкорлар топиш, биргаликда янги экологик лойиҳаларни бошлаш учун яхши имконият яратади. Экологик ташаббусларга нафақат ижтимоий зарурат, балки иқтисодиётни модернизация қилиш ва унинг барқарорлигини оширишнинг бир қисми сифатида қаралиши таъкидланди.
Бу йўналишлар биргаликда олиб борилаётган ўзгаришларнинг комплекс характерини кўрсатади. Улар ижтимоий йўналтирилган ривожланиш йўли институционал ислоҳотлар ва халқаро интеграция билан узвий боғлиқлигини кўрсатади. Бундай ёндашув Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш, ижтимоий барқарорлик ва масъулиятли давлат сиёсати бир-бирини ўзаро мустаҳкамлайдиган мувозанатли ривожланиш моделини яратишга интилишини акс эттиради.
Президент ижтимоий сиёсат одамларнинг аниқ эҳтиёжларига кўпроқ йўналтирилганини, бу эса олиб борилаётган сиёсатнинг принципиал ютуғи эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари якунланаётган йилни сарҳисоб қилар экан, бу натижаларнинг барчаси ислоҳотлар тизими ва жамиятнинг фаол иштироки туфайли рўй берганига эътибор қаратди. Шу билан бирга, у кейинги ривожланиш нафақат иқтисодий ресурсларни, балки ижтимоий муҳитни, ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлашни ҳам талаб қилишини таъкидлади. Айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, келгуси йилни инсонга ва унинг кундалик муаммоларига энг яқин институт - маҳаллани қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиш таклиф этилди.
Мурожаатномада маҳалла кўп асрлик ўзаро ёрдам, масъулият ва ҳурмат анъаналарини ўзида мужассам этган жамоат ташкилотининг ноёб шакли сифатида таърифланган. Президентимиз давлат барқарорлиги маҳалла мустаҳкамлигидан, жойлардаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликдан бошланишини алоҳида таъкидлади. “Маҳаллада тартиб ва ишонч бўлса, жамиятда ҳам барқарорлик бўлади”, деган фикр Мурожаатномадаги асосий ғоялардан бирига айланиб, эришилган ютуқларни истиқболдаги вазифалар билан мантиқий боғлади.
Келгуси йилда маҳаллани қўллаб-қувватлашга ижтимоий сиёсатни янада кучайтиришга қаратилган тизимли чора сифатида қаралмоқда. Президент оилалардаги муаммолар, бандлик, таълим, ижтимоий ҳимоя ва нотинчликнинг олдини олиш масалалари айнан маҳалла даражасида самарали ҳал этилишини таъкидлади. Шу маънода, маҳалла тузилмаларини ривожлантириш давлат ёрдамининг манзиллилигини ошириш ва ижтимоий адолатни кучайтириш воситасига айланмоқда. Мурожаатнома аввалида тилга олинган иқтисодий ютуқлар шу тариқа ижтимоий майдонда ўз давомини топади.
Мурожаатномада фуқароларнинг иштироки ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш мавзуси муҳим ўрин эгаллади. Президент замонавий давлатни қарорлар қабул қилиш ва уларнинг ижросини назорат қилишга жалб этилган фаол ва масъулиятли фуқароларсиз тасаввур этиб бўлмаслигини таъкидлади. Маҳалла бу ўринда жамоатчилик ташаббуси ва ҳокимият билан аҳоли ўртасидаги мулоқотни шакллантириш макони сифатида қаралади.
“Биз шундай шароит яратишимиз керакки, ҳар бир инсон мамлакат тақдирига дахлдорлигини ҳис қилсин”, - деди давлат раҳбари жамоатчилик иштирокини кенгайтириш бўйича стратегик йўналишни белгилаб.
Ёшлар тарбиясида, жамиятда маънавиятни мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни алоҳида таъкидланди. Президентимиз иқтисодий кўрсаткичлар билан бирга маънавиятли, билимли ва ижтимоий масъулиятли шахсни шакллантириш ҳам муҳимлигини таъкидлади. Таълим, маданият ва спорт соҳаларида маҳалла даражасида амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга мамлакат келажагига инвестиция сифатида қаралмоқда. “Ўзбекистоннинг келажаги бугун фарзандларимиз учун қандай муҳит яратишимиз билан боғлиқ”, - Мурожаатномадан олинган ушбу иқтибос давлат сиёсатининг узоқ муддатли йўналишини яққол акс эттиради.
Шундай қилиб, 2026 йилнинг Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши давлатнинг макродаражадаги ютуқлардан ҳаёт сифати, инсон капитали ва ижтимоий институтлар билан чуқур ишлашга ўтиш истагидан далолат беради. Бу маҳаллий жамоаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва фаол, ҳамжиҳат жамиятни шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни жамлашни англатади.
Ўзбекистон раҳбарининг Мурожаатномаси келгуси йил учун ривожланишнинг аниқ йўналишини белгилаб беради: эришилган иқтисодий ютуқларга таяниш, ижтимоий сиёсатни кучайтириш ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш орқали фуқаролик жамиятини ривожлантириш. Бундай ёндашув ислоҳотларнинг барқарорлиги ва мамлакатнинг янада гуллаб-яшнаши кучли жамоаларсиз, фуқароларнинг ишончи ва иштирокисиз мумкин эмаслигини стратегик тушунишни акс эттиради. Бу борада маҳаллани қўллаб-қувватлаш нафақат ижтимоий устувор йўналиш, балки Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёти пойдевори сифатида ҳам намоён бўлади.
“Дунё” АА