Ўзбекистон-Туркманистон: ҳудудий яқинлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик натижаси
Бугунги кунда Марказий Осиё республикалари ўртасидаги ўзаро интеграция ва барқарор тараққиёт жараёни янги босқичга кирди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар бутун минтақанинг ривожланишига, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг янада мустаҳкамланишига олиб келмоқда. Бу эса шу ҳудудда яшаётган халқлар ҳаётида ҳам ўз аксини топаяпти.
Айниқса Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Туркманистон Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва сув ресурсларини самарали бошқариш ҳамда кўплаб йўналишлардаги асосий ҳамкори ҳисобланади.
2017-2024 йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил кенгайиб борди. Натижада Туркманистоннинг Ўзбекистонга экспорти 2017 йилдаги 177,9 млн. АҚШ долларидан 2024 йил якунига кўра 1,148 млрд. АҚШ долларига етди ва қарийб 14 баробарга ошди. Ўзбекистондан импорт эса 2017 йилдаги 53,2 млн. АҚШ долларидан 2024 йилга келиб 133,9 млн. АҚШ долларига етди. Бу кўрсаткичлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми мунтазам кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Туркманистоннинг Ўзбекистонга экспорти таркибида минерал ёқилғи ва нефть маҳсулотлари асосий ўринни эгаллайди. 2024 йилда ушбу товарлар умумий экспортнинг 95,8 фоизини, экспорт таркибининг деярли тўлиқ ҳажмини ташкил этган.
Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспорти таркиби нисбатан диверсификациялашган бўлиб, саноат ва кимёвий маҳсулотлар нисбатан устунлик қилади. Маълумотларга кўра, 2024 йилда ўғитлар 17,7 фоизни эгаллаб, Туркманистон импортидаги асосий позициялардан бирига айланган.
Албатта, ушбу кўрсаткичларнинг юқори бўлишини таъминлаш учун ҳар икки давлатда ишга солинмаган етарли имкониятлар бор. Жумладан, денгиз портларидан фойдаланган ҳолда халқаро транспорт йўлаклари бўйлаб тажриба ташувини ташкил этишни фаоллаштириш орқали транспорт-логистика алоқасини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Ўзаро савдодаги ижобий суръатни сақлаб қолиш ва унинг ҳажмини яқин йилларда икки баробар ошириш транспорт-логистик салоҳиятдан самарали фойдаланишни тақозо этади.
Албатта, бу мақсадларни рўёбга чиқариш учун жорий йилнинг 25 февраль кунидан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди. Бу режимнинг жорий этилиши билан икки давлатда ишлаб чиқариладиган кўпгина товарларга божхона тўловлари бекор қилиниб, товарларнинг ўзаро савдосидаги чекловлар олиб ташланиши ва савдо тартиб-таомиллари соддалаштирилиши кўзда тутилган. Икки давлат ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг Тошкентдаги учрашувининг амалий натижаси сифатида Хоразм вилоятининг Шовот тумани ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасида чегараолди савдо зонаси иш бошлади.
Келажакда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги алоқаларга кучли туртки берувчи иқтисодий салоҳиятлардан бири бу транспорт-логистика йўналиши ҳисобланади. Шу боис олий даражадаги учрашувлар чоғида транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шароит яратиш, шу жумладан, юкларни ташиш учун ўзаро имтиёз ва чегирмалар бериш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки келгусида транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ўз навбатида “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” йўналишларида, шу жумладан, Туркманбоши порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт йўлакларини фаол ривожлантириш ҳам ўзаро манфаатли мақсадларни рўёбга чақиришда ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, ҳудудлар ўртасида алоқаларнинг янги йуналишлари ривожланиши, истиқболли лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши икки мамлакат халқлари манфаати йўлида хизмат қилади.
Нодирбек Расулов
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти
лойиҳа раҳбари, и.ф.д., доц.