Ўзбекистон делегацияси ИҲТга аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирларининг тўртинчи йиғилишида иштирок этди

Жорий йил 28 октябр куни Эроннинг Теҳрон шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатлари ички ишлар вазирларининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон, Озарбайжон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркия, ва Туркманистон вазирлари ва юқори лавозимли амалдорлари иштирокидан ташқари, меҳмон сифатида таклиф этилган Уммон ва Ироқ ички ишлар вазирликлари меҳмон делегатлар сифатида қатнашишди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирининг биринчи ўринбосари A.Рахматуллаев бошчилигидаги делегацияси иштирок этди ва ўз нутқида ноқонуний миграция, гиёҳванд моддалар савдоси, терроризм ва кибержиноятлар каби таҳдидларни таъкидлаб, умумий минтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун қўшма хавфсизлик механизмларини ишлаб чиқиш ва ўзаро маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш сингари ташаббусларни илгари сурди.
Йиғилиш иштирокчилари ИҲТнинг минтақавий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлиги, жумладан, уюшган трансчегаравий жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоавий ҳаракатлар салоҳиятини ошириш бўйича саъй-ҳаракатлари бўйича ҳисоботини кўриб чиқдилар.
Учрашув якунида аъзо давлатлар вакиллари томонидан Теҳрон декларацияси қабул қилинди ва унда хамкорликни ривожлантириш учун умумий механизм ва қадамлар ўз аксини топди.